Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдилар

Ўзбекистон Президенти ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдилар
Ўзбекистон Президенти ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдилар / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетрони қабул қилди.

Учрашувда ЕХҲТ ва унинг Парламент ассамблеяси билан ҳамкорликни, жумладан, парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ушбу нуфузли тузилма билан алоқаларнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. ЕХҲТ Парламент ассамблеясида Ўзбекистоннинг доимий делегацияси фаолият юритмоқда, ассамблея вакиллари мамлакатимиздаги сайловларни кузатиш жараёнларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Экология, миграция ва транспорт соҳаларида конструктив мулоқот йўлга қўйилган. Ўзбекистон вакили ассамблеянинг Миграция бўйича махсус қўмитаси таркибига киритилган.

Халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиёда минтақавий шерикликни ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида янги устувор йўналишларни белгилаб берадиган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.