7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишда гумонланганлар ушланди

Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишда гумонланганлар ушланди
Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишда гумонланганлар ушланди / Фото: ДХХ видеосидан олинган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳри ва Наманган вилоятида «Умра» зиёратини ноқонуний ташкил этишга оид гумон қилинаётган иккита ҳолат аниқланди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам гумонланувчилар пул маблағларини олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.

Самарқандда оилавий корхона вакили зиёратни ташкил этиш учун зарур ваколатларга эга бўлмаганига қарамай, бир фуқаро ва унинг икки нафар қариндошини Саудия Арабистонига олиб бориш ҳамда диний маросимларни адо этиш учун шароит яратиб бериш эвазига 3 450 АҚШ доллари талаб қилган.

У 3 000 доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолат Наманган вилоятида қайд этилган. Мавжуд маълумотларга кўра, Наманган туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро учун «Умра» зиёратини ноқонуний ташкил этиш эвазига 1 350 доллар талаб қилган.

У ҳам 1 200 доллар миқдоридаги олдиндан тўловни олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Фуқароларга зиёратни ташкил этиш хизматлари учун пул тўлашдан олдин хизмат кўрсатувчиларнинг тегишли лицензияси мавжудлигини текшириш, шубҳали таклифларга ишонмаслик ва пул маблағларини ўтказишда эҳтиёткор бўлиш тавсия этилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.