7
Ўзбекистон

Мирзиёев Бокуда Қатар амири билан учрашди

Мирзиёев Бокуда Қатар амири билан учрашди
Мирзиёев Бокуда Қатар амири билан учрашди / Фото: Oʻzbekiston Prezidenti matbuot xizmati.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги йилларда олий даражадаги самарали мулоқотлар туфайли ўзаро алоқалар янги сифат босқичига кўтарилгани таъкидланди. Бугунги кунда Қатар компаниялари билан энергетика, кимё саноати, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт, қурилиш каби соҳаларда фаол ишлар олиб борилмоқда, жорий йил бошидан буён инвестициялар ўзлаштирилиши сезиларли даражада ошди.

Шунингдек, жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, декабрь ойида ўтадиган Доҳа форумида Ўзбекистондан нуфузли делегация иштирок этиши, тадбир доирасида Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.