7
Иқтисод

Hansae Mobility Turan йилига 310 мингта бутловчи қисм ишлаб чиқаради

Hansae Mobility Turan йилига 310 мингта бутловчи қисм ишлаб чиқаради
Hansae Mobility Turan йилига 310 мингта бутловчи қисм ишлаб чиқаради / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятидаги Hansae Mobility Turan заводи дастлабки босқичда UzAuto Motors компаниясига Damas, Labo ва Cobalt автомобиллари учун йилига 310 мингта тормоз ва рул бошқаруви тизимлари тўпламини етказиб беради.

Корхона 14 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Ушбу маҳсулотлар 60 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имконини беради. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ хабар берди.

Ишлаб чиқариш 15 та линияга жойлаштирилган. Заводда тормоз суппортлари, барабанли тормоз механизмлари, вакуум кучайтиргичли бош тормоз цилиндрлари, рул колонкалари ва рул бошқарувининг оралиқ валлари ишлаб чиқарилади.

UzAuto Motors компаниясига маҳсулот етказиб беришдан ташқари, корхона BYD Uzbekistan Factory учун ҳам бутловчи қисмлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Корхона майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этади. Завод саккиз ой ичида қуриб битказилган. Hansae Mobility 1995 йилдан буён UzAuto Motors учун бутловчи қисмлар етказиб келади. Энди ушбу маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда.

Аввалроқ Жанубий Корея компанияси «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида завод очгани ҳақида хабар берилган эди.

Лойиҳага 30 миллион доллар инвестиция киритилган. Ҳозирги вақтда корхонада 100 нафардан ортиқ киши ишламоқда.

2026 йил охиригача ходимлар сонини 140 нафарга, кейинчалик эса 250 нафарга етказиш режалаштирилган. Компания, шунингдек, ўз маҳсулотларини Марказий Осиё ва Европа бозорларига етказиб бериш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.