Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Германиянинг Rhenus SE & Co. компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Андреас Штёкли билан музокаралар ўтказди. Томонлар транспорт логистикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, юк терминалларини модернизация қилиш ва халқаро ташувлар самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда «O‘ztemiryo‘lkonteyner» АЖ ва Rhenus компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилган UzContargo қўшма корхонаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Андижондаги юк терминалини реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, Ўзбекистонга юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш мақсадида «яшил коридорлар»ни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Илҳом Маҳкамов, шунингдек, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, Андижонда замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш янги халқаро транспорт коридорининг жозибадорлиги ва транзит салоҳиятини ошириш имконини беради.
Ўз навбатида, Андреас Штёкли Rhenus компаниясининг Тошкент вилояти, Самарқанд ва Термизда юк терминалларини ривожлантириш лойиҳаларида кейинчалик ҳам иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди.
У Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика хабини шакллантириш салоҳиятини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш ва транспорт-логистика соҳасидаги истиқболли лойиҳалар устида биргаликда ишлаш ниятини тасдиқлади.