Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини бошлаётган, касб-ҳунар ўрганаётган ёки ўз бизнесини йўлга қўяётган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор солиқ имтиёзлари назарда тутилган.
Жумладан, тадбиркорларнинг айрим тоифалари 30 ёшга тўлмаган ходимлари учун ижтимоий солиқни стандарт 12 фоиз ўрнига 1 фоиз ставкада тўлаши мумкин.
Имтиёз чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона бизнеси, йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситалари, компьютерлар ва маиший техника таъмири билан шуғулланувчи корхоналарга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва кўнгилочар хизматлар соҳасидаги ташкилотларга татбиқ этилади.
1 фоизлик ставкани қўллаш учун ёш ходимнинг ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,5 бараваридан кам бўлмаслиги, корхона умумий даромадида эса белгиланган фаолият турларидан олинган даромадлар улуши камида 60 фоизни ташкил этиши керак. Ушбу имтиёз 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Қўллаб-қувватлашнинг яна бир чораси 30 ёшга тўлмаган мактаб, коллеж ва техникум ўқувчиларига тааллуқли. 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябргача таълим олувчиларнинг корхоналарда касб-ҳунарни ўзлаштириш жараёнида олган меҳнат даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада қўлланилади.
Бундан ташқари, республика аҳамиятига эга автомобиль йўллари бўйлаб сайёр савдони ташкил этган 30 ёшга тўлмаган ёш тадбиркорлар фаолиятининг дастлабки олти ойи давомида товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича солиқ тўлашдан озод этилади. Ушбу имтиёз ҳам 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг таълим муассасалари ҳудудида кўрсатиладиган пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа таълим хизматларидан олинган даромадлари жами даромад таркибига киритилмайди.
Солиқ юкини камайтириш ва бандликни қўллаб-қувватлаш
Солиқ органлари вакилининг чиқишида таъкидланишича, имтиёзлар тадбиркорларни ёшлар учун иш ўринлари яратишга рағбатлантиришга қаратилган. Ижтимоий солиқ ставкасининг 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши иш берувчиларнинг солиқ юкини камайтиради ва ёш ходимларни ишга қабул қилишни иқтисодий жиҳатдан манфаатлироқ қилади.
Корхонада касб-ҳунарни ўзлаштириш билан бир вақтда таълим олиш имкониятига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўқувчилар амалий тажриба орттириши ва меҳнат даромадига эга бўлиши, иш берувчилар эса ёш мутахассисларни имтиёзли солиқ шартлари асосида жалб қилиши мумкин.
Режалаштирилган чора-тадбирлар ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандлик имкониятларини кенгайтириш ва ўқиш давомида касбий кўникмаларни эгаллашга қаратилган.