7
Ўзбекистон

Андрей Белоусов Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари билан учрашди

Андрей Белоусов Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари билан учрашди
Андрей Белоусов Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари билан учрашди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа идоралари раҳбарлари Ботир Қудратхўжаев ва Айдос Мырзахметов билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, музокаралар чоршанба куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтди.

Ботир Қудратхўжаев билан учрашувда Россия вазири ўзбекистонлик ҳамкасбини янги лавозимга тайинлангани билан табриклади. Шунингдек, мазкур тайинлов икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беришини таъкидлади.

Россия мудофаа идораси хабарида айтилишича, томонлар ўзаро манфаатли бўлган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Айдос Мырзахметов билан музокараларда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Белоусов генерал-майорни Қозоғистон мудофаа вазири лавозимига тайинлангани билан табриклаб, унинг янги лавозимдаги фаолияти икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашувлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашининг Чўлпон-Ота шаҳрида пайшанба куни бўлиб ўтадиган йиғилиши арафасида ўтказилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.