Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати ШҲТ Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги келишувни маъқуллади

Ўзбекистон Сенати ШҲТ Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги келишувни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати ШҲТ Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги келишувни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур Битим билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий фаолият юритувчи органи – Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази таъсис этилмоқда. Марказнинг жойлашган жойи этиб Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳри белгиланган.

Марказ аъзо давлатлар ваколатли органларининг гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашишдаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, келишилган тезкор-профилактик тадбирларни режалаштириш, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ҳамда минтақадаги наркотик вазиятни мониторинг ва таҳлил қилиш вазифаларини бажаради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда фуқароларимиз саломатлиги ва мамлакатимиз хавфсизлигини ишончли таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.