Ўзбекистон

Тошкент вилоятида дезинформацияга қарши кураш бўйича ЕХҲТ ёшлар медиа-лагери ўтказилди

Тошкент вилоятида дезинформацияга қарши кураш бўйича ЕХҲТ ёшлар медиа-лагери ўтказилди
Тошкент вилоятида дезинформацияга қарши кураш бўйича ЕХҲТ ёшлар медиа-лагери ўтказилди / Фото: ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Паркент туманида медиа-лагер ўтказди.

Унда мамлакатнинг етакчи университетларида журналистика, кино санъати ва дизайн йўналишларида таҳсил олаётган 30 нафар талаба иштирок этди. Асосий эътибор медиасаводхонлик, ахборотни танқидий қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш ва рақамли муҳитда дезинформацияни аниқлай олиш қобилиятини шакллантиришга қаратилди.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда кўраётган барча маълумотлар ҳам ишончли эмас. Технологиялар одамларни яқинлаштириб, ҳар қандай ахборотни бир неча марта босиш орқали олиш имконини яратади. Бироқ баъзан рақамли муҳит манипуляциялар, экстремизм ва радикаллашув маконига айланиши мумкин. Медиа-лагер ёшларнинг медиасаводхонлигини ошириш бўйича комплекс ишларнинг давоми бўлди.

Мазкур ташаббус замонавий медиа муҳитини шакллантиришда иштирок этадиган бўлажак журналистлар, кинематографистлар ва дизайнерларга фейкларни аниқлаш, фактларни синчковлик билан текшириш ҳамда ишончли ва хавфсиз контент яратиш учун зарур воситаларни тақдим этади. Шу тариқа ёшлар терроризмга олиб келувчи зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда фаол иштирок этади.

«Терроризмга қарши курашда энг муҳим қуролимиз — ишончли ахборот. Замонавий медианинг вазифаси салбий стереотипларни тарқатиш эмас, балки жамиятда бағрикенгликни ривожлантиришдан иборат.

Журналистларнинг ўзи ҳам мураккаб мавзуларни профессионал ёритиш учун доимо янги билимларни эгаллаб бориши, бунда ахлоқий меъёрлар ва инсонлар хавфсизлигини ҳамиша инобатга олиши зарур», — деди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бабаджанова.

Уч кун давомида иштирокчилар интерактив машғулотларда ишлади, амалий мисолларни таҳлил қилди ва экспертларнинг маҳорат дарсларида қатнашди. Улар рақамли хавфсизлик, контент тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва муқобил ахборот нарративларини яратиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, интернетдаги кундалик ҳаракатлар рақамли муҳитдан ташқаридаги инсонлар ва бутун жамоалар ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида фикр алмашилди.

«Фақат интернетдан фойдаланишни билишнинг ўзи етарли эмас, балки ўз ҳаракатларимиз ва уларнинг бошқа одамларга таъсирини танқидий баҳолай олиш ҳам муҳим. Розиликсиз бошқа бировнинг контентини эълон қилиш ёки тарқатиш ҳақиқий зарар етказиши мумкинлигини тушуниш ва кибербуллингни қўллаб-қувватламаслик керак», — деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Шамсиддин Талиббоев.

Ёш авлодда танқидий фикрлаш, сифатли контент яратиш ва интернетдаги таҳдидларга қарши туриш кўникмаларини ривожлантириш орқали бундай лойиҳалар Ўзбекистондаги ахборот муҳитини янада хавфсиз ва очиқ қилишга ёрдам беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.