Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 1 октябрь куни Жанубий Африка Республикаси халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик вазири Рональд Оззи Ламола билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон ва ЖАР ўртасидаги ҳамкорликда ижобий динамика кузатилаётганини қайд этди.
Суҳбат давомида вазирлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича аниқ қадамларни кўриб чиқди.
Қўшилмаслик ҳаракати доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ЖАР томонининг мамлакатнинг 2027–2030 йилларда Ҳаракатга раислиги даврида ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этишидан манфаатдор эканини билдирди.
Шунингдек, вазирлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияни ишга тушириш ва икки давлат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Телефон орқали мулоқот якунлари бўйича томонлар яқин вақт ичида юзма-юз учрашув ўтказиш ҳамда музокаралар давомида келишилган ташаббусларни биргаликда илгари суришга келишиб олди.