Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева «БМТ-Аёллар» тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Белен Санс Луке билан учрашув ўтказди. Томонлар Ўзбекистоннинг мазкур тузилма билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистонда «БМТ-Аёллар» офисининг очилиши гендер тенглигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилди.
Учрашув давомида 2026 йил апрель ойида «БМТ-Аёллар», БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва ЮНИСЕФ иштирокида ишга туширилган қўшма дастур доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Дастур хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Устувор йўналишлар қаторида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли бозорларда, «яшил» иш ўринлари ва барқарор саноат тармоқларидаги иштирокини кенгайтириш белгиланди. Шунингдек, «БМТ-Аёллар»нинг 2028 йилда Ўзбекистонда навбатдаги форумни ўтказишни қўллаб-қувватлаши муҳим экани таъкидланди.
Томонлар БМТнинг Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 70-сессияси доирасидаги ҳамкорлик, 2026 йил май ойида Бухорода бўлиб ўтган II Осиё хотин-қизлар форуми якунлари ҳамда унинг доирасида илгари сурилган ташаббусларни тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Марказий Осиё давлатлари аёл етакчилари мулоқоти доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» глобал кун тартибини илгари суриш бўйича минтақавий конференция ўтказиш имконияти муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистоннинг Гендер профилини тайёрлаш масаласини кўриб чиқди. Ҳужжатда гендер тенглигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижаларни акс эттириш муҳимлиги қайд этилди.