Ўзбекистон

Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишда фирибгарлик аниқланди

Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишда фирибгарлик аниқланди
Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишда фирибгарлик аниқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент ва Фарғона вилоятларида «Умра» зиёратига бориш сафарларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти Тошкент туманида 42 ёшли эркак тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда пойтахтлик фуқаронинг ишончига кирган ва танишлари орқали «Умра» зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига сафарни ташкил этиш эвазига ундан 1100 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари эркакни 1000 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Фарғона вилоятида аниқланган. ДХХ ходимлари ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Данғара туманида фаолият юритувчи туристик фирма менежери фош этилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, у Учкўприк туманида яшовчи икки фуқарони «Умра» зиёратига олиб боришни ташкил этиш учун 2200 АҚШ доллари олган.

Ҳар икки иш бўйича фигурантларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.