Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ғаввослари Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган иккинчи шахснинг жасадини топди. Жасад бугун соат 12:07 да аниқланган. Учинчи ҳалок бўлган шахсни қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ хабар берди.
Ҳодиса 2 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида содир бўлган. Катерда сайр қилиш вақтида оила аъзоларидан бири чўмилиш учун сувга сакраган. Эркак қутқарув жилети билан таъминланмаган ва чўка бошлаган.
Унга ёрдам бериш учун акаси ва отаси сувга ташланган. Натижада учаласи ҳам чўкиб кетган.
Қутқарувчилар биринчи жасадни 9 сентябрь куни соат 13:02 да аниқлаган. Ғаввослар оиланинг кенжа ўғлининг жасадини топган.
Бугун соат 12:07 да ФВВ чўкиб кетган иккинчи ака-уканинг жасади топилганини маълум қилди. Отанинг жасадини қидириш ишлари давом этмоқда.