Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Арманистон икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Дилафруз Ниязова · 08.09.2026 · 23:00 · 45 views
Ўзбекистон ва Арманистон икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Арманистон икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 7 сентябрь куни Ереванда Ўзбекистон ва Арманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Делегацияларга ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Бобур Усмонов ва Мнацакан Сафарян бошчилик қилди.

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, олий ва юқори даражадаги мулоқотлар давомида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши алоҳида кўриб чиқилди.

Маслаҳатлашувлар иштирокчилари икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ҳамда халқаро майдонлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, туризм ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятидан амалий фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида яқин мувофиқлаштиришни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар икки томонлама кун тартибидаги кенг доирадаги масалалар бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини билдирди.