Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон ва Венгрия фармацевтикада ҳамкорликни кенгайтиради

Дилафруз Ниязова · 08.09.2026 · 22:45 · 32 views
Ўзбекистон ва Венгрия фармацевтикада ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Венгрия фармацевтикада ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Венгрия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

8 сентябрь куни Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Йожеф Рожа Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов билан учрашди.

Учрашув давомида венгриялик дипломат Агентлик, Фармацевтика техник университети ҳамда BioPharma City фармацевтика кластери фаолияти билан танишди. Соҳа вакиллари, шунингдек, кластерда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уни ривожлантириш бўйича истиқболли режалар ҳақида маълумот берди.

Алоҳида учрашувда элчи Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида мактаб ўқувчилари илм-фанга бўлган қизиқишлари ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

Музокараларнинг асосий қисми Ўзбекистон-Венгрия фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида фармацевтика соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар белгиланди.

Келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йил якуни бўйича Венгриянинг дори воситалари ва фармацевтика маҳсулотлари экспорти қарийб 9,9 миллиард евронни ташкил этган.