Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон ва Гонконг ҳуқуқий ва бизнес ҳамкорлигини кенгайтиради

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 17:35 · 47 views
Ўзбекистон ва Гонконг ҳуқуқий ва бизнес ҳамкорлигини кенгайтиради
Ўзбекистон ва Гонконг ҳуқуқий ва бизнес ҳамкорлигини кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Гонконг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, юридик хизматлар ва халқаро арбитраж соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди. Музокаралар 27 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Гонконг Адлия департаменти раҳбари, адлия масалалари бўйича котиб Пол Лам бошчилигидаги делегация иштирокида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC), мамлакатнинг етакчи юридик компаниялари, шунингдек, Гонконг Савдо-саноат палатаси, Гонконг бизнес уюшмалари, ташкилотлари ва халқаро юридик компаниялар Бутунжаҳон федерацияси ҳамда ҳуқуқий, молиявий ва бизнес соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Асосий мавзулардан бири икки томон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш бўлди. Иштирокчилар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва бизнесни юридик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида амалий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Томонлар халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этиш механизмларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Тошкент халқаро арбитраж маркази директори Диана Байзакова TIAC 2023 йилдан буён Гонконг халқаро арбитраж маркази (HKIAC) билан ҳамкорликни ривожлантириб келаётганини таъкидлади.

Ҳамкорлик доирасида икки арбитраж маркази трансинституционал (cross-institutional) арбитраж регламентини ишлаб чиқди. Учрашувда таъкидланганидек, ҳужжат халқаро миқёсда эътироф этилган бўлиб, уни амалиётда қўллаш тижорат низоларини ҳал этишда бундай механизмга талаб мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, Гонконг юридик компаниялари ва Ўзбекистон адвокатлик тузилмалари ўртасида касбий алоқаларни ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини юридик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва тадбиркорларга ҳуқуқий хизматлар кўрсатишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Кун тартибидан истиқболли ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари ҳам ўрин олди. Томонлар молиявий ва банк хизматлари, инвестициялар, финтех, рақамли иқтисодиёт, юридик хизматлар ва халқаро арбитраж соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Гонконг вакиллари амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади.