Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Англиянинг «Фулхэм» футбол клуби Янги Тошкентда Британия тажрибаси ва стандартларидан фойдаланган ҳолда замонавий футбол академиясини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Масала клуб вакилларининг Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари билан учрашувида муҳокама қилинди. Музокаралар Ўзбекистон президентининг Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари бўйича инвесторлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда берган топшириқларини амалга ошириш доирасида ўтказилди.
«Фулхэм» клуби номидан футболни ривожлантириш йўналиши раҳбари Хью Дженнингс ва тижорат масалалари бўйича етакчи менежер Бретт Макголдрик иштирок этди. Ўзбекистон томони мамлакатда футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув иштирокчилари Янги Тошкент қурилиши ва унинг ҳудудида спорт объектларини ривожлантириш режаларини ҳам алоҳида муҳокама қилди. Британия клуби вакиллари Ўзбекистонда футболни оммалаштириш ва ёш футболчилар учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилаётган эътиборни таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар ташаббусни амалга ошириш учун ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Академияни очиш бўйича якуний қарор ва лойиҳани ишга туширишнинг эҳтимолий муддатлари ҳозирча маълум қилинмаган.