Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2027 йилда шахмат бўйича ўтказиладиган Жаҳон кубокларига иккита квота олди. Улардан бири очиқ тоифага, иккинчиси эса аёллар тоифасига ажратилди. Саралаш ўринлари Самарқандда бўлиб ўтган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси якунлари бўйича Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) томонидан тақсимланди. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) хабар берди.
Олимпиадада биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси мамлакатга очиқ тоифадаги Жаҳон кубоги учун квотани таъминлади. Мусобақани 13-ўринда якунлаган аёллар терма жамоаси эса аёллар ўртасидаги Жаҳон кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
FIDE қоидаларига мувофиқ, квота Олимпиадада миллий терма жамоа сафида иштирок этган шахматчилардан бирига берилади. Агар жамоанинг барча аъзолари бошқа йўл билан саралашдан ўтган бўлса ёки мусобақада қатнашишдан бош тортса, миллий федерация бошқа шахматчини танлаши мумкин.
Олинган квоталардан фойдаланадиган шахматчиларнинг якуний рўйхатини 2027 йил 1–15 июль кунлари тасдиқлаш режалаштирилган.
Олимпиада якунларига кўра, очиқ тоифадаги 2027 йилги Жаҳон кубоги учун жами 83 та миллий федерация, аёллар ўртасидаги Жаҳон кубоги учун эса 45 та федерация квота олди.