7
Иқтисод

Ўзбекистон Россия ва Беларусь билан савдо алоқаларини ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон Россия ва Беларусь билан савдо алоқаларини ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон Россия ва Беларусь билан савдо алоқаларини ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Россия ва Беларусь билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, 2026 йил ноябрь–декабрь ойларида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро бизнес-форумга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда палата раисининг маслаҳатчиси Алишер Шайхов, Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили ўринбосари Игорь Камынин, Россия элчихонаси маслаҳатчиси Диана Айнетдинова ҳамда Беларусь элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Елена Василевская иштирок этди.

Иштирокчилар Россия ҳудудлари ва Беларусь ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Тадбиркорлар ўртасида B2B форматида тўғридан-тўғри бизнес учрашувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, форумда иштирок этадиган компанияларни дастлабки саралаш ва тадбир якунланганидан кейин эришилган келишувлар ижросини тизимли равишда кузатиб бориш зарурати муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонлар форумда иштирок этиш учун делегациялар таркибини шакллантириш, ташкилий масалаларни келишиб олиш ҳамда Ўзбекистон, Россия ва Беларусь ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттиришга келишиб олдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.