Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатлари суверенитетни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун инвестицияларни биргаликда жалб қилиш, савдо шерикликларини ривожлантириш ҳамда зарур ресурслар билан ўзини таъминлаш имкониятига эга эканини таъкидлади. У бу ҳақда минтақа мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги учрашувида маълум қилди.
«Биргаликда мамлакатларимизни суверен давлатлар сифатида сақлаб қолиш ва умумий фаровонлигимизни ошириш учун зарур бўлган ресурслар, инвестициялар, имкониятлар ва савдо шерикликларини таъминлашимиз мумкин», — деди Рубио.
Унинг сўзларига кўра, C5+1 формати Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатлари билан тинч муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган қизиқишини ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлигини акс эттиради.
Рубио таъкидлашича, АҚШ муҳим саноат тармоқлари ва уларнинг фаолиятини таъминловчи таъминот занжирларини ҳимоя қилишга, шу орқали ишончсиз хорижий ҳамкорларга қарамликни камайтириш ва иқтисодий мустақилликни сақлаб қолишга интилмоқда. У Марказий Осиёни инвестициялар ва экспорт учун истиқболли йўналиш, шунингдек, турли мамлакатларнинг келгуси тараққиёти учун зарур материалларнинг муҳим манбаи деб атади.
Давлат котиби амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторида Транскаспий савдо йўлининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, минтақа компанияларининг АҚШ ва Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга муҳим минераллар бўйича интеграциялашган таъминот занжирларини ривожлантиришни қайд этди.
Бундан ташқари, Вашингтон илғор Америка технологиялари билан ишлайдиган мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашишни режалаштирмоқда. Рубионинг айтишича, бу Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган технологик сектори учун минглаб ёш мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.
У иқтисодий алоқаларни кенгайтириш воситаларидан яна бири сифатида B5+1 бизнес-форумини ҳам тилга олди. Ушбу форум давлат ва бизнес ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, ўзаро савдо ҳамда инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилиши керак.
Рубио, шунингдек, ўтган йили Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 учрашувини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Оқ уйда ўтказилган тадбир транспорт, энергетика, молия ва иқтисодиётнинг бошқа муҳим тармоқларини мустаҳкамлашга қаратилган 25 миллиард долларлик янги битимлар тузилишига олиб келган.
Давлат котиби таъкидлаганидек, ўша пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари савдо ва инвестицияларни ривожлантиришга хизмат қиладиган тартибга солиш шароитлари ҳамда меҳнат бозори қоидаларини шакллантиришга келишиб олган. Унинг айтишича, бугунги учрашувлар мазкур мажбуриятларни амалга оширишни давом эттиришга қаратилган.
Нутқи якунида Рубио Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ўз маданияти ва манфаатларига эга мустақил давлатлар эканини, улар ўз келажагини белгилаш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ минтақа давлатларининг фаровон бўлишини истайди ва бу йўлда улар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.