Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШ «C5+1» форматига янги стратегик мазмун беришлари, бунда нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга, балки Марказий Осиёни ягона минтақа сифатидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳам эътибор қаратишлари лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Самарқандда «C5+1» форматидаги вазирлар учрашувининг очилиш маросимида маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга илк ташриф билан келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қутлаб, унинг жамоаси икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Саидов, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Марказий Осиёга ва минтақа билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига қаратаётган эътиборини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ президентлари ўртасида ўзаро ишончга асосланган мулоқот икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди.
Учрашувни Самарқандда ўтказиш рамзий аҳамиятга эга. 2015 йилда айнан шу шаҳарда «C5+1» форматидаги илк вазирлар учрашуви бўлиб ўтган. Шундан бери шериклик кун тартиби кенгайди, ҳамкорлик механизмлари мустаҳкамланди, Марказий Осиё мамлакатлари эса янада жипслашиб, ўз келажагини мустақил белгилаш имкониятларини кучайтирди.
«Кучли, барқарор ва фаровон Марказий Осиё барча давлатларимиз ва халқаро ҳамкорларимиз манфаатларига жавоб беради», — деди вазир.
Саидов Ўзбекистон «C5+1» котибияти ҳамраиси вазифаларини ўз зиммасига олган ҳолда эришилган натижаларни ривожлантириш, ҳамкорликдаги изчилликни таъминлаш ва келишувларни амалда бажаришга эришишни мақсад қилганини маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири Самарқанднинг халқлар, бозорлар, билимлар ва ғоялар йўллари асрлар давомида кесишган тарихий маскан сифатидаги ўрнини ҳам эслатди. У бугунги учрашув Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ўз келажагини мустақил белгилаш ва халқаро жараёнларга ҳисса қўшиш қобилиятини мустаҳкамлаган ҳолда янада кучли ва жипслашган минтақага айланмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, кучли, барқарор ва фаровон Марказий Осиё минтақадаги барча давлатлар ҳамда уларнинг халқаро ҳамкорлари манфаатларига мос келади.
Саидов ҳамкорликнинг кейинги босқичида янги имкониятларга эга интеграциялашган минтақа сифатида Марказий Осиё салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
У устувор йўналишлар қаторида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришни қайд этди.
«Устувор йўналишларимиздан бири сифатида муҳим минераллар соҳасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришни таклиф этамиз. Ушбу ҳамкорлик геологик қидирув ва минерал хомашёни қайта ишлашдан тортиб, маҳаллий саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган бутун жараённи қамраб олади».
Бундай ташаббусни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов «C5+1» форматидаги вазирлар учрашувидаги нутқи давомида илгари сурди.
Вазир Марказий Осиёнинг бой ресурслари, ўсиб бораётган бозорлари, инсон капитали ва стратегик географик жойлашувини АҚШнинг илғор технологиялари, инвестиция капитали ҳамда тадбиркорлик тажрибаси билан бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, «C5+1» котибияти ҳамраиси вазифаларини ўз зиммасига олган Ўзбекистон эришилган муваффақиятларни ривожлантириш, ҳамкорликдаги изчилликни таъминлаш ва келишувлар асосида амалий натижаларга эришишни мақсад қилган.
«Бизнинг умумий вазифамиз — ушбу устунликларни бирлаштириш ва халқларимизга сезиларли наф келтирадиган узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйишдир».
«C5+1» форматидаги вазирлар учрашувидаги нутқи якунида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Марказий Осиёнинг бой ресурслари, ўсиб бораётган бозорлари, инсон капитали ва стратегик географик жойлашувини АҚШнинг илғор технологиялари, инвестиция капитали ҳамда юқори даражадаги тадбиркорлик тажрибаси билан бирлаштириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.
Вазир асрлар давомида халқлар, бозорлар, билимлар ва ғояларни боғлаб келган Самарқанднинг тарихий ролини янги мазмун билан бойитиш ва шу орқали Марказий Осиё ҳамда АҚШни янада яқинлаштириш имконияти мавжудлигини қайд этди.
«Бугунги учрашув ушбу келажак сари йўлда муҳим қадам бўлишига умид қиламан», — дея хулоса қилди Бахтиёр Саидов.