Спорт

Италиялик чемпион Радзетти Жаҳон кубогида Шомуродов футболкасида қатнашди

Италиялик чемпион Радзетти Жаҳон кубогида Шомуродов футболкасида қатнашди
Италиялик чемпион Радзетти Жаҳон кубогида Шомуродов футболкасида қатнашди / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Италиялик сузувчи Альберто Радзетти Тошкентда бўлиб ўтаётган сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг фамилияси ва 14-рақами туширилган футболкада стартга чиқди.

Спортчининг кутилмаган бу ҳаракати томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Радзеттининг ўзи эса 200 метрга комплекс сузиш мусобақасида тўртинчи ўринни эгаллади.

Радзетти — жаҳон чемпиони ва Европа чемпионатларининг бир неча бор совриндори. У сузиш баҳсидан олдин ўзбек футболчисининг футболкасини кийиб, маҳаллий мухлисларни хурсанд қилди.

Элдор Шомуродов Италия спорт мухлисларига яхши таниш. Ҳужумчи Италия чемпионатида қарийб беш йил давомида «Женоа», «Рома», «Специя» ва «Кальяри» клублари шарафини ҳимоя қилган.

31 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Айни пайтда у Туркиянинг «Истанбул Башакшехир» клубида тўп сурмоқда. 2026 йил ёзида Шомуродов Ўзбекистон футболи тарихига яна бир бор кирди: у мамлакат терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги илк голини урди.

Радзетти эса 200 метрга комплекс сузиш масофасини 1 дақиқа 52,53 сонияда босиб ўтиб, тўртинчи бўлиб маррага етди.

Мусобақа ғолиби америкалик Шейн Касас бўлди. У масофани 1 дақиқа 51,81 сонияда сузиб ўтди.

Иккинчи ўринни унинг ҳамюрти Карсон Фостер эгаллади. У ғолибдан 0,40 сония ортда қолди.

Канадалик Финли Нокс эса 0,52 сониялик фарқ билан учинчи бўлиб маррага етди.

Италиялик сузувчи шоҳсупага кўтарила олмаган бўлса-да, унинг Шомуродов футболкасида мусобақада қатнашиши Тошкентдаги беллашувларнинг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.