Иқтисод

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида раиснинг икки янги ўринбосари тайинланди

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида раиснинг икки янги ўринбосари тайинланди
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида раиснинг икки янги ўринбосари тайинланди / Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида раиснинг икки нафар ўринбосари тайинланди. Дониёр Ҳабибуллаев соҳа корхоналари фаолиятини таҳлил қилиш, ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш масалалари билан шуғулланади.

Саида Мирҳамидова эса тўқимачилик саноатида халқаро алоқалар ва рақамлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари этиб тайинланди.

Дониёр Ҳабибуллаев 1980 йил 9 мартда туғилган. У 2001 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти бакалавриатини, 2003 йилда эса Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти магистратурасини тамомлаган. «Муҳандис-технолог» мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга, шунингдек, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасини олган.

Ҳабибуллаев 2003 йилдан буён пиллачилик ва енгил саноат, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ҳамда лойиҳалар мониторинги соҳаларида фаолият юритган.

2018–2022 йилларда у «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг ҳудудий ва хорижий лойиҳалар мониторинги департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил ноябридан бошлаб эса ташкилотнинг лойиҳалар мониторинги бошқармасига раҳбарлик қилган.

Саида Абдуахатовна Мирҳамидова 1987 йил 26 октябрда Фарғона шаҳрида туғилган. У Жиззах политехника институтини тамомлаган, Солиқ академиясида таҳсил олган ва Cyprus American University’да бизнес бошқаруви магистри (MBA) даражасини олган. Рус, турк ва инглиз тилларини билади.

Мирҳамидова бошқарув, маркетинг ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритган. 2024 йилда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг Фарғона водийси бошқармасига раҳбарлик қилган. 2025 йил августидан бошлаб эса International Export Consulting Agency (IECA) агентлигини бошқарган.

У ўз фаолияти давомида халқаро алоқалар ва экспортни ривожлантириш, соҳа корхоналарига халқаро буюртмаларни олиш ҳамда янги тижорат имкониятларини ўзлаштиришда кўмаклашиш билан шуғулланган. Мирҳамидова, шунингдек, B2TEXT ва Production Tours лойиҳалари муаллифи ҳисобланади.

Янги лавозимида у халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистон тўқимачилик саноатини рақамлаштиришга эътибор қаратади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.