Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш мақсадида инновацион стартап-парклар ташкил этилади.
Тегишли чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 553-сонли «Инновацион ва стартап лойиҳалар парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Стартап-парклар Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги тизимида давлат муассасалари шаклида фаолият юритади.
Уларнинг фаолияти стартаплар ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, зарур моддий-техник ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Парклар ҳудудида бизнес-инкубация ва акселерация дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбиркорлар бир жойнинг ўзида ташкилий, юридик, молиявий ва маркетинг хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, парклар инновацион маҳсулотларни сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, товарларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш ҳамда компанияларнинг мамлакатимиздаги ва хориждаги кўргазмаларда иштирок этишига кўмаклашади.
Таълим ва фан вазирлиги паркларни олий таълим муассасалари ҳамда улар ҳузурида ташкил этилган стартап-студиялар билан ҳамкорликда ишлашини йўлга қўяди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари маҳаллий ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда паркларни жойлаштириш учун туман ва шаҳарларни белгилайди.
Янги муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Парклар ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонларини электрон онлайн-аукционлар орқали ижарага бериш режалаштирилган.
Стартап-паркларни молиялаштириш хўжалик фаолияти ва ижарадан олинадиган даромадлар, маҳаллий ҳокимликлар маблағлари, халқаро грантлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.