Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий почта оператори O‘zbekiston pochtasi (UzPost) Wildberries компаниясидан 360 млрд сўм миқдорида фоизсиз кредит линияси очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 8 октябрь куни матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча дастлабки келишувлар ҳақида гап бормоқда. Кредит линияси очилиши бутун сумма автоматик равишда жалб қилинишини англатмайди. Маблағлар зарурат туғилган сари ишлатилади ва умуман керак бўлмаслиги ҳам мумкин.
Аввалроқ UzPost томонидан Wildberries компаниясидан йиллик 14 фоиз ставкада 100 млрд сўм миқдорида қарз олиш масаласи кун тартибига киритилган эди. Бироқ ушбу таклиф бўйича овоз бериш ўтказилмади. ДАБА почта операторидан қарз маблағларига эҳтиёж мавжудлигини ва уларни қайтариш манбаларини асослаб беришни сўради. Шундан сўнг UzPost ҳамкорлар билан музокараларни қайта бошлади.
Муродов жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган барча харажатлар самарадорлик нуқтаи назаридан баҳоланишини таъкидлади.
Шу билан бирга, ДАБА таклифига биноан Wildberries вакиллари UzPost кузатув кенгаши таркибига киритилди.
Фоизсиз молиялаштириш тақдим этилиши режалаштирилаётгани муносабати билан компаниянинг беш нафар вакили кузатув кенгашидаги ўринларнинг кўпчилигини эгаллади.
Шу билан бирга, ДАБА раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу ўзгаришлар UzPost ижро этувчи органига ва давлатнинг акциядор сифатидаги мақомига таъсир кўрсатмаган. Кузатув кенгаши ҳам корхонанинг кундалик бошқарувида иштирок этмайди, балки стратегик масалалар билан шуғулланади.
Муродов Wildberries вакилларини жалб қилишдан мақсад почта операторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда уларнинг тажрибасидан фойдаланиш ва қарз маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш эканини тушунтирди.
Wildberries вакиллари билан ҳамкорлик муддатли шартнома асосида йўлга қўйилган. Унинг амал қилиши натижаларига қараб ҳамкорлик давом эттирилиши ёки ДАБА бошқарувнинг бошқа ёндашувларини кўриб чиқиши мумкин.
Шунингдек, ДАБА раҳбари маъмурий жарималар тўғрисидаги қоғоз хабарномаларни етказиб бериш тўхтатилганидан кейин UzPost даромадлари сезиларли даражада қисқарганини маълум қилди.
Авваллари жарималар тўғрисидаги қарорларни етказиб бериш почта оператори даромадларининг манбаларидан бири бўлган. Электрон хабардор қилиш тизимига ўтилганидан сўнг Ички ишлар вазирлиги ва тижорат банклари фуқароларга қарздорлик ҳамда маъмурий жарималар ҳақида мобил иловалар орқали хабар бера бошлади.
Муродовнинг баҳолашича, қоғоз хабарномалардан воз кечилиши натижасида UzPost фақат шу йўналишнинг ўзи бўйича 50–60 млрд сўм даромадини йўқотган.
«Рақамлаштириш туфайли ушбу хизматга бўлган эҳтиёж қолмади. Почта катта молиявий йўқотишларга учради», — деди ДАБА раҳбари.
UzPost’ни 2025 йилда молиявий соғломлаштириш дастури доирасида корпоратив бошқарувнинг замонавий механизмларини жорий этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган эди. Муродов бу чора хусусий компаниялар, жумладан, Uzum ва Wildberries томонидан рақобат кучайиб, UzPost’нинг бозордаги улуши қисқариб бораётгани шароитида зарур эканини таъкидлади.
1 мартдан бошлаб UzPost йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тўғрисидаги қоғоз хатларни етказиб беришни тўхтатди.
Ички ишлар вазирлиги электрон хабарномалар тизимига ўтишни жарима тўғрисидаги қарорларни етказиш жараёнида инсон омилини камайтириш, ишончни ошириш ва аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсади билан изоҳлаган эди.