Иқтисод

Ўзбекистонда ўрганилган ҳудуд майдони 200 минг кв. кмга етди

Ўзбекистонда ўрганилган ҳудуд майдони 200 минг кв. кмга етди
Ўзбекистонда ўрганилган ҳудуд майдони 200 минг кв. кмга етди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳудудининг геологик ўрганилганлик даражаси 2016–2025 йилларда 20 фоиздан 45 фоизга ошди, ўрганилган ҳудуд майдони эса 89 мингдан 200 минг квадрат километрга етди. Шу даврда 185 та истиқболли участка ва фойдали қазилмаларнинг 50 дан ортиқ кони аниқланди.

2025 йилда геология-қидирув ишлари 289 та лойиҳа доирасида амалга оширилди. Улар якунлари бўйича 33 та янги кон аниқланиб, уларнинг захиралари тасдиқланди. 2026 йилда қидирув ишлари 275 та лойиҳа бўйича давом эттирилмоқда.

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида 60 минг квадрат километр майдонда геология-қидирув ишларини амалга ошириш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, олтин ишлаб чиқаришни 1,5 баробар, кумушни уч баробар, мисни эса 3,5 баробар ошириш назарда тутилган.

Геология соҳасини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат геология фондининг 36 мингта геологик ҳисоботи электрон шаклга ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 1:200 000 масштабдаги рақамли геологик ва гидрогеологик хариталари яратилди, ер қаърини пайдалиниш соҳасидаги еттита давлат хизмати рақамли форматга ўтказилди.

Геология-қидирув ишларини олиб боришда сунъий интеллект, замонавий геофизик ва аэрогеофизик технологиялар, шунингдек, 3D-моделлаштиришдан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

2017–2025 йилларда фойдали қазилмалар конларини қидириш ва ўзлаштириш лойиҳаларига 7,8 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди. Айни пайтда соҳада 60 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 2026–2030 йилларда критик аҳамиятга эга минераллар соҳасида умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 120 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Ушбу маълумотлар Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Тог‘-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилди.

Тадбирда, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар, геология-қидирув ишларининг натижалари, минерал-хомашё базасини кенгайтириш ва янги инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.