Иқтисод

Россия делегациялари Quva Agro Star агрокомплексига ташриф буюрди

Россия делегациялари Quva Agro Star агрокомплексига ташриф буюрди
Россия делегациялари Quva Agro Star агрокомплексига ташриф буюрди / Фото: Фарғона.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилишида иштирок этиш учун Фарғона вилоятига келган Россия ҳудудлари делегациялари Қува туманидаги Quva Agro Star агрокомплексига ташриф буюрди.

Корхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлашни бирлаштирган, кейинчалик экспорт бозорларига йўналтиришга мўлжалланган комплекс тизим яратилган.

Мажмуа 3,5 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ишлаб чиқариш қувватлари йилига 12 турдаги 5 минг тоннагача маҳсулот етиштириш ва тайёрлаш имконини беради.

Корхона ҳудудида йилига 1 миллиондан ортиқ кўчат етиштиришга мўлжалланган in vitro лабораторияси ва кўчатхона фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқаришда хорижий технологиялар ва халқаро тажрибадан фойдаланилмоқда.

Фермерлар ва аҳоли учун мажмуа ҳузурида Агросаноат мактаби фаолият юритиб, унда боғдорчиликнинг замонавий технологиялари бўйича таълим берилмоқда.

Бундан ташқари, бу ерда 3,5 минг тоннагача маҳсулотни сақлаш имкониятига эга совутиш мажмуаси ишлайди. Корхонада маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш ва IQF шок усулида музлатиш линиялари ўрнатилган.

Италия ва Испания технологиялари асосидаги ускуналар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт бозорлари талабларини инобатга олган ҳолда тайёрлаш имконини беради.

Quva Agro Star маҳсулотлари Япония ва Буюк Британияга етказиб берилмоқда. 2025 йилда корхона биринчи марта авиачартер рейсларидан фойдаланган ҳолда маҳсулотларни Япония ва Жанубий Кореяга экспорт қилишни йўлга қўйди.

Айни пайтда корхонада 80 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.