Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахсий учрашувларда 4,5:1,5 ҳисобида устунлик қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди.
Жаҳон чемпиони унвони учун кечадиган баҳс бошланишидан олдин рақиблар классик шахмат, рапид ва блиц йўналишларида олти марта ўзаро тўқнаш келган. Синдаров тўртта партияда ғалаба қозонган, Гукеш эса битта партияда ғолиб бўлган. Яна бир учрашув дуранг билан якунланган.
Классик шахматда ўзбекистонлик шахматчининг устунлиги 2,5:0,5 ни ташкил этади. Рапидда Гукеш 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, блицда Синдаров икки марта ғалаба қозониб, 2:0 ҳисобида устунликка эришган.
Жаҳон чемпиони унвони учун баҳснинг биринчи партияси 24 ноябрь куни Женева шаҳрида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади. Синдаров оқ доналарда ўйнайди.
Доналар ранги очилиш маросимида аниқланди. Иштирокчиларга соат ичига жойлаштирилган, ранглари турлича бўлган иккита шоколад от шаклидаги фигурачадан бирини танлаш таклиф қилинди. Гукеш биринчи бўлиб танловни амалга оширди ва унга қора фигурача насиб этди.
Матч 14 та партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи ғолиб деб топилади.