Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий иссиқлик электр станцияси ҳудудида қурилаётган янги 500/220 кВ подстанциянинг 220 кВ шиналарига дастлабки кучланиш берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Ишлар Навоий ИЭСда қуввати 650 МВт бўлган учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Кучланиш берилганидан сўнг станция ҳамда қуввати 300 МВт бўлган «Гибрид» қуёш фотоэлектр станцияси янги подстанция орқали ўзаро боғланди.
Мазкур объект Ўзбекистон ягона энергетика тизимининг жануби-ғарбий ва шимолий қисмлари ўртасидаги электр алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, у юқори кучланишли тармоқлар орқали электр энергиясини узатиш ишончлилигини ва энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш имконини беради.
Подстанциянинг ишончлилиги ва техник хусусиятларини таъминлаш мақсадида унга Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилмоқда.
Лойиҳанинг бош пудратчиси Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Power Ltd. компанияларидан иборат консорциум ҳисобланади. Туркиянинг Çalik Enerji компанияси эса субпудратчи сифатида иштирок этмоқда.
Кейинги босқичда янги буғ-газ қурилмасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини мамлакат ягона энергетика тизимига узатиш учун зарур бўлган ускуналарга кучланиш бериш режалаштирилган.
Бу қурилманинг якуний синов ва текширувларини ўтказиш, шундан сўнг уни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш имконини беради.