Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистонда экспорт квоталарини тақсимлашнинг ягона тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда экспорт квоталарини тақсимлашнинг ягона тартиби тасдиқланди
Ўзбекистонда экспорт квоталарини тақсимлашнинг ягона тартиби тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда товарлар экспорти ва импортига миқдорий чекловлар жорий этиш ҳамда квоталарни тақсимлашнинг ягона тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 6 ноябрдаги 610-сон қарори билан тасдиқланган. Ҳужжат экспорт ва импорт квоталарини жорий этиш, уларни тақсимлаш ҳамда маъмурий бошқариш жараёнларини тартибга солади.

Янги механизм квоталарни тақсимлашнинг икки усулини назарда тутади: аралаш усул ва «биринчи келган — биринчи олади» тамойили.

Аралаш усулда квотанинг ярми аризалар келиб тушиш навбатига қараб тақсимланади. Қолган 50 фоизи эса анъанавий экспортёрлар ва импортёрларга уларнинг ўтган даврдаги экспорт ёки импорт операциялари кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда ажратилади.

Иккинчи усулда квоталар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида божхона юк декларациялари қабул қилинган календарь кунлар кетма-кетлигига мувофиқ тақдим этилади.

Квоталарни тақсимлашда ариза берувчилар ҳуқуқларининг тенглиги ва камситмаслик тамойилларига риоя қилиниши шарт. Корхоналарнинг мулкчилик шакли ва рўйхатдан ўтган жойи уларнинг квоталардан фойдаланиш имкониятига таъсир кўрсатмаслиги керак.

Ҳужжатда Божхона қўмитасининг вазифалари ҳам белгиланган. Миқдорий чекловлар жорий этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш жараёнида идора масъул органга тегишли товарлар экспорти ва импорти ҳажмлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этиши лозим.

Чекловлар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, у ҳақдаги маълумот уч иш куни ичида Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши керак.

«Биринчи келган — биринчи олади» тамойили асосида тақсимланадиган квоталар тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида шакллантирилади. Тизимда фойдаланилган квота ҳажмлари, жорий захира, бўш қолдиқлар ҳамда божхона декларацияларининг навбати ҳақида умумлаштирилган маълумотлар акс эттирилади.

Бунда тижорат сири ҳисобланган маълумотлар ошкор этилмайди.

Миқдорий чекловларнинг амал қилиш муддати уларни жорий этишга асос бўлган ҳолатларнинг давомийлигига боғлиқ бўлади. Зарур ҳолларда бундай чораларнинг асослилиги ва мутаносиблиги қайта кўриб чиқилади.

Қарор ташқи савдо операцияларини тартибга солиш, квоталарни тақсимлаш жараёнининг шаффофлигини ошириш ва тадбиркорлар учун тенг шароитларни таъминлашга қаратилган.

Ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлган кунидан эътиборан кучга киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.