Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркиянинг Nobel İlaç фармацевтика компанияси ҳамкорлик истиқболлари ҳамда мамлакат фармацевтика саноатини ривожлантиришда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
17 ноябрь куни агентлик директори Абдулла Азизов Nobel İlaç компанияси раиси Ҳасан Улусой (Hasan Ulusoy) ва компания вакиллари билан учрашди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони BioPharma City фармацевтика кластери ривожланиши, яратилаётган инфратузилма ва халқаро ишлаб чиқарувчилар учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Қайд этилишича, кластер дори воситаларини ишлаб чиқариш, илмий ва клиник тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, фармацевтика соҳаси учун мутахассислар тайёрлашни бирлаштирувчи ягона экотизим сифатида шакллантирилмоқда.
Туркия делегацияси BioPharma City ривожланишининг асосий йўналишлари, унинг инфратузилмаси ва ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, илмий-тадқиқот салоҳиятини кенгайтириш, янги дори воситаларини ишлаб чиқиш ва замонавий биофармацевтика саноатини ривожлантиришга халқаро компанияларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокараларда Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги тенденциялар ва Nobel İlaç компаниясининг мамлакатдаги истиқболли лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди.