Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда солиқ даври якунлари бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрларини чоп этиш, саҳифаларини рақамлаш, тикиш ва мавжуд бўлганда муҳр билан тасдиқлаш талаби бекор қилинди.
Солиқ ҳисоботлари шаклларига киритилган ўзгартишлар 2026 йил 5 ноябрь куни Адлия вазирлиги томонидан 3221-10-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аввал солиқ тўловчилар ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай реестрларни чоп этиши, саҳифаларини рақамлаши, тикиши ва мавжуд бўлганда муҳр билан тасдиқлаши шарт эди. Эндиликда ушбу талаб бекор қилинди.
Шунингдек, электрон шаклда юритиладиган реестрларнинг қўшимча варақларини чоп этиш ва уларни тегишли солиқ даври ҳужжатларига илова қилиш ҳам талаб этилмайди.
Бундан ташқари, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби учун янги ҳисобот шакллари тасдиқланди.
Ушбу шакллар асосий фаолият турлари умумий овқатланиш, савдо ёки хизматлар кўрсатишдан иборат бўлган тадбиркорлар учун реализациядан олинган барча айланмаларга нисбатан 6 фоизлик ҚҚС ставкасини ва фойда солиғининг ноль ставкасини қўллаш имкониятини назарда тутади.
Ўзгартишлар юридик шахсларнинг ер солиғи бўйича ҳисобот шаклига ҳам киритилди.
Тегишли шаклга «Солиқ солинадиган база» ва «Самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари» бўлимлари қўшилди.