Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ҳисоб палатаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида давлат харидлари соҳасида қонунчилик бузилиши билан боғлиқ 18 788 та ҳолатни аниқлади. Қоидабузарликлар билан амалга оширилган битимларнинг умумий қиймати 10,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланган қоидабузарликларнинг 3,91 трлн сўми ёки умумий сумманинг 38,5 фоизи давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Яна 2,95 трлн сўм (29,1 фоиз) транспорт соҳасидаги харидларга, жумладан, 1,82 трлн сўми йўл хўжалигига тўғри келди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 699,7 млрд сўмлик (6,9 фоиз) харидларида ҳам қоидабузарликлар аниқланган. Энергетика соҳасида бу кўрсаткич 540,9 млрд сўмни, илм-фан ва таълим соҳасида 384,3 млрд сўмни, экология соҳасида 299,9 млрд сўмни, сув хўжалигида 286,4 млрд сўмни, қурилиш соҳасида эса 285,3 млрд сўмни (2,8 фоиз) ташкил этди.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида 249,1 млрд сўмлик, суд органларида 247,6 млрд сўмлик, соғлиқни сақлаш тизимида эса 191 млрд сўмлик қоидабузарликлар аниқланган. Давлат банклари ҳиссасига 52,6 млрд сўм, спорт соҳасига 34,1 млрд сўм, маданият соҳасига эса 16,4 млрд сўм тўғри келди.
Умумий қиймати 4,8 трлн сўмлик харидларга оид материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Жумладан, давлат корхоналарининг 3,9 трлн сўмлик битимлари, илм-фан ва таълим соҳасидаги 384,3 млрд сўмлик харидлар, шунингдек, Навоий вилояти Ягона буюртмачи хизмати томонидан амалга оширилган 156,5 млрд сўмлик ва Андижон вилоятидаги 125,9 млрд сўмлик харидлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, транспорт, сув хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Spot маълумотларига кўра, октябрь ойи охирида 222,3 млрд сўмлик харидларга тааллуқли материаллар асосида маъмурий чоралар қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди.