Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 8 ноябрдан Ўзбекистонда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги янги қонун кучга киради. Ҳужжат кўчмас мулк бозорида шаффофликни ошириш, касбий стандартларни такомиллаштириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган.
Қонун риэлторлик хизматларини тартибга солиш механизмларини янгилаш, мутахассислар малакасига қўйиладиган талабларни ошириш ва кўчмас мулк бозори инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутади.
Асосий янгиликлардан бири риэлторлар, риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентларининг Ягона реестрини ташкил этиш бўлади.
Реестр ваколатли давлат органи томонидан электрон шаклда юритилади. Бозорда рўйхатдан ўтган иштирокчилар ва касбий жамоат бирлашмалари ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтда эълон қилинади. Бу фуқароларга мурожаат қилаётган мутахассислар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини текшириш имконини беради.
Қонун риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашни ҳам жорий этади. Ушбу механизм қонунчиликда ва суғурта шартларида назарда тутилган ҳолатларда мижозларни қўшимча ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Яна бир янгилик — мултилистеринг (Multilisting) тизимини жорий этишдир. Бу кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш, сақлаш ва алмашиш учун мўлжалланган электрон платформа ҳисобланади.
Ушбу тизим бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириши ва рақамли хизматларни ривожлантириш учун шароит яратиши кутилмоқда.
Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланган.
Янги қонун кўчмас мулк бозорида янада очиқ ва профессионал муҳитни шакллантириш, битимлар шаффофлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган.