Иқтисод

Ўзбекистон ва Сингапур кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Сингапур кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Сингапур кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда / Фото: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Сингапур ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари кибержиноятчиликка қарши курашиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академиясида бўлиб ўтди.

Музокараларда Сингапур полиция тузилмаларининг кибержиноятларга қарши курашиш билан шуғулланувчи мутахассислари ҳамда Ўзбекистон ИИВ Кибержиноятчиликка қарши курашиш департаменти вакиллари иштирок этди.

Томонлар халқаро тажриба алмашиш, шунингдек, трансчегаравий кибержиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда амалий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Кибержиноятлардан жабр кўрган ҳар икки мамлакат фуқароларининг мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар жиноий даромадларни аниқлаш, уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш ва етказилган моддий зарарни қоплашга кўмаклашиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ахборот ва тажриба алмашишни янада ривожлантириш, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган қўшма тадбирларни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Сингапур ваколатли органлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.