Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Соғлиқни сақлаш технологияларини баҳолаш департаменти (HTA) халқаро биофармацевтика компанияси AstraZeneca вакиллари билан учрашув ўтказди.
Томонлар тиббий технологияларни баҳолаш миллий тизимини ривожлантириш, жумладан, дори воситаларининг клиник ва иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Халқаро тажрибани ўрганиш, реал клиник амалиёт маълумотларидан фойдаланиш ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.
AstraZeneca вакиллари компаниянинг халқаро тажрибаси билан ўртоқлашди ҳамда Ўзбекистонда HTA тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдирди.
Ҳамкорлик соғлиқни сақлаш соҳасида далилларга асосланган қарорлар қабул қилишни такомиллаштириш, шунингдек, беморларнинг самарали, хавфсиз ва сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.