Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan Австрияда бўлиб ўтган «Ўзбекистон — Австрия» бизнес-форумида мамлакат IT саноатининг экспорт салоҳиятини тақдим этди. Тадбирда давлат идоралари, инвестиция ташкилотлари ва халқаро компаниялар вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мавзуларидан бири икки мамлакат ўртасида технологик ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, хорижий IT-компанияларни жалб қилиш, рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Global Neighbours халқаро ташкилоти, шунингдек, BrainsToVentures, ecotel communication, Tele Columbus ва GOODRAM / Wilk Elektronik компаниялари вакиллари қатнашди. Форум доирасида соҳага оид тақдимотлар ҳамда B2B ва G2B форматларида икки томонлама музокаралар ўтказилди.
IT Park Uzbekistan экспортни ривожлантириш директори Жаҳонгир Қағиров IT соҳасини экспортга йўналтирилган ҳолда ривожлантириш моделини тақдим этди ҳамда Ўзбекистоннинг технологик ва бизнес хизматлари халқаро бозорига интеграциялашув имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Тақдимот давомида мамлакатнинг кадрлар ва инфратузилма салоҳияти, шунингдек, экспорт лойиҳалари ва хорижий компанияларни қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди. Форум иштирокчиларига IT Park Uzbekistan резиденти мақомини олиш шартлари, резидентлар учун белгиланган солиқ имтиёзлари ва Ўзбекистонда IT фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Австрия компанияларини Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб қилиш ва маҳаллий рақамли ечимлар етказиб берувчиларининг Европа буюртмачилари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Форумда иштирок этишдан мақсад Ўзбекистон IT саноатини Европа бозорида илгари суриш, экспорт географиясини диверсификация қилиш, халқаро шартномавий ҳамкорликни ривожлантириш ва хорижий технологик ҳамкорларни жалб этишдан иборат.