Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Россия тиббий таълим ҳамда юқори технологик ёрдам соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Россия тиббий таълим ҳамда юқори технологик ёрдам соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Россия тиббий таълим ҳамда юқори технологик ёрдам соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Россия тиббий таълим, касалликларни ташхислаш ва даволаш, шунингдек, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Келишувларга Болалар фаровонлиги масалалари бўйича Жаҳон саммити доирасида бўлиб ўтган икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирларининг учрашувида эришилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берувчи «Йўл харитаси»ни имзолади.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўлади. Тошкентда Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг филиали ташкил этилмоқда.

Лойиҳа доирасида таълим ва клиник базалар шакллантирилмоқда, профессор-ўқитувчилар таркиби танланмоқда. Симуляция ва аккредитация маркази эса замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Томонлар, шунингдек, касалликларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, аҳолининг юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Онкологик ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда ядровий тиббиётни ривожлантириш ҳам келишиб олинган йўналишлардан бири бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.