Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йилдан Ўзбекистонда давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам пакети кенгайтирилади. Бепул бериладиган дори воситалари сони 73 тага, текширув турлари эса 36 тага етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Ҳозирда амбулатор даволанувчи беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилади. Жумладан, харажатларни қоплаш (реимбурсация) дастури доирасида 28 та препарат тақдим этилади. 2027 йилдан бу дастурдаги дори воситалари сонини 69 тага етказиш режалаштирилган.
2025 йил февраль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили яшаш жойи бўйича поликлиникаларда кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми 28 турдаги диагностик текширув ва 22 турдаги лаборатория таҳлилини қамраб олишини маълум қилган эди.
Учрашувда касалликларни эрта аниқлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини аниқлаш бўйича скрининг дастурини Самарқанд вилоятида бошлаш, 2028 йилдан эса мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш режалаштирилган. Ушбу дастурни амалга ошириш учун ҳар йили 700 млрд сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик касалликларни эрта ташхислаш бўйича ишлар ҳам давом эттирилади.
Инфаркт ва инсультни ташхислаш
Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури амалга оширилмоқда. Президент маълумотларига кўра, дастур амалга оширилган беш ой давомида ушбу касалликларнинг дастлабки босқичларидаги ўлим кўрсаткичи 15 фоизга камайган.
«Олтин соат» деб аталадиган даврда тиббий ёрдам кўрсатилиши 855 кишининг бевақт вафот этиши ва касалликларнинг оғир оқибатларининг олдини олиш имконини берган.
2027 йилда дастурни кенгайтириш учун 280 млрд сўм ажратиш режалаштирилган. У Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олиши керак.
Поликлиникалар фаолиятининг янги модели
Учрашувда президент бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини ислоҳ қилиш ҳақида ҳам гапирди.
«Мен доимо айтаман: бирламчи бўғин қанчалик яхши ишласа, халқимиз шунчалик соғлом бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, бирламчи тиббий ёрдамни ташкил этишнинг янги модели мамлакатнинг 28 та туманида синовдан ўтказилган. Етти миллион аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилган, беморлар ва тиббиёт ходимларининг вазифалари эса ўзаро келишувларда белгилаб қўйилган.
Ислоҳотлар доирасида янги лабораториялар очилди, шифокорлар ва ҳамшираларни ўқитиш ташкил этилди. Шунингдек, беморларнинг текширувлардан ўтиши ва тиббий ёрдам олиш тартибини белгиловчи йўналишлар ишлаб чиқилди.
Президент кўрилган чоралар аҳолининг поликлиникаларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилганини таъкидлади. 2027 йилдан янги моделни яна 100 та туманда жорий этиш режалаштирилган.
Тиббий инфратузилмани ривожлантириш
Давлат раҳбари маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда 10 млн кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги поликлиника ва шифохоналар фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, 58 мингта янги шифохона ўрни ташкил этилган.
Замонавий тиббиёт муассасалари тармоғининг кенгайиши ва хусусий секторнинг ривожланиши кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳажмини уч баравар ошириш имконини берган.
Ҳозирда мамлакатда аввал хорижда амалга оширилган 100 дан ортиқ турдаги мураккаб тиббий амалиётлар бажарилмоқда. Улар қаторига туғма юрак нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволаш, аъзолар трансплантацияси, роботлаштирилган операциялар ва мураккаб нейрожарроҳлик амалиётлари киради.
«Оиламиз бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиш, мақсадларимизга эришиш ва мазмунли ҳаёт кечириш учун инсонга, энг аввало, соғлиқ керак. Шунинг учун инсонлар саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз», — дея таъкидлади президент.