Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Озарбайжон ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, хизматларни рақамлаштириш, инновацион ечимларни жорий этиш ва 2025–2027 йилларга мўлжалланган қўшма «йўл харитаси»ни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар Озарбайжоннинг Ханкенди шаҳрида ўтказилаётган «Ақлли бошқарув учун рақамли таҳлил» мавзусидаги SOCGOV 2026 халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев Озарбайжон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Анор Алиев билан учрашди.
Томонлар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот алмашди ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, 2025–2027 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси»нинг ижроси ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари амалдаги ҳамкорлик натижаларини қайд этиб, тажриба ва ахборот алмашинувини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, томонлар ижтимоий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган истиқболли ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқди.