Ўзбекистон

Қарши яқинида бир миллион аҳолига мўлжалланган янги шаҳар қурилади

Қарши яқинида бир миллион аҳолига мўлжалланган янги шаҳар қурилади
Қарши яқинида бир миллион аҳолига мўлжалланган янги шаҳар қурилади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Янги Қарши шаҳрини барпо қилиш ҳамда Қарши магистрал канали бўйида туризм мажмуасини ташкил этиш лойиҳалари билан танишди.

Янги шаҳар учун Самарқанд  – Ғузор йўналишидаги А-378 ҳамда Шаҳрисабзга олиб борувчи 4Р-79 автомобиль йўллари оралиғидаги 5200 гектар майдон танланган. Бу ҳудуд паст бонитетли, фойдаланилмаётган чўл ва яйлов ерларидан иборат. Дастлабки бош режа 500 минг аҳолига мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари шаҳарни истиқболда 1 миллион аҳоли яшайдиган, Қаршига замонавий муқобил бўладиган йирик марказ сифатида режалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Янги шаҳарга вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат идораларини кўчириш кўзда тутилган. Бу ерда конгресс-холл, концерт заллари ва меҳмонхоналар барпо этилиб, Самарқанд ва Бухородаги каби йирик халқаро форумларни қабул қила оладиган туризм маркази шакллантирилади.

Транспорт тармоғи шаҳарнинг бошқа ҳудудлар билан қулай боғланишини таъминлаши керак. Президентимиз аэропорт ва темир йўл вокзалини янги шаҳар билан туташтирадиган электр жамоат транспорти, керак бўлса, ерусти метро қатновини йўлга қўйиш кераклигини кўрсатиб ўтди.

Тақдимотда Қарши магистрал канали бўйидаги туризм мажмуаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унинг доирасида уч километрлик сайилгоҳ ташкил этиш учун 235 гектар ер ажратилган. Лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилиб, дастлаб 30 гектарда ҳунармандлар шаҳарчаси ва туризм ҳудуди барпо этилади.

Мажмуада меҳмонхоналар, ресторан ва дўконлар, музей, аквапарк, болалар ўйин майдончалари ҳамда қайиқлар сузиши учун сунъий кўл қурилиши режалаштирилган.

Президентимиз янги шаҳар ва туризм мажмуасининг бош режаларини нуфузли хорижий лойиҳалаш ва архитектура компанияларини жалб қилган ҳолда пухта ишлаб чиқиш, бунда хавфсизлик, қулайлик, ҳамёнбоплик ва “ақлли” шаҳар тамойилларига таянишга топшириқ берди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.