Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон спортчилари 22 октябрь куни Японияда ўтказилаётган Aichi-Nagoya 2026 Пара Осиё ўйинларида 12 та медаль — 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди. Икки ғалаба рекордлар билан қайд этилди, терма жамоа байроқдори Маржона Пардабоева эса икки карра ўйинлар чемпионига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.
Куннинг биринчи олтин медалини Баротжон Бахтиёров қўлга киритди. У эркаклар ўртасида ядро улоқтириш бўйича F36 тоифасидаги финалда 15,98 метр натижа кўрсатиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди.
Аёллар ўртасида найза улоқтириш бўйича F46 тоифасида Ўзбекистон спортчилари биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Шаҳинахон Йигиталиева 44,99 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини ўрнатди. Ҳуснорахон Қудратуллаева эса 41,91 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. Бронза медаль Хитой вакилига насиб этди.
Терма жамоага яна бир олтин медални паравелоспорт йўналиши келтирди. T1–2 тоифасида аёллар ўртасидаги шоссе гуруҳ пойгасида Маржона Пардабоева 1 соат 8 дақиқа 27 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди. Одина Ҳамдамова эса 1 соат 8 дақиқа 35 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади.
Учинчи ўринни Таиланд спортчиси қўлга киритди. Маржона Пардабоева учун ушбу ғалаба ўйинлардаги иккинчи чемпионлик бўлди. Эркаклар ўртасида T1–2 тоифасидаги пойгада Жаҳонгир Халилов 1 соат 4 дақиқа 4 сония натижа кўрсатиб, бронза медалга эга чиқди. Покиза Аҳмадбекова ҳам H1–3 тоифасида аёллар ўртасидаги шоссе гуруҳ пойгасида учинчи ўринни эгаллади.
F35 тоифасида аёллар ўртасида ядро улоқтириш мусобақасида Ўзбекистон вакиллари иккита медаль қўлга киритди. Дилафрузхон Аҳмадхонова 9,05 метр натижа билан кумуш, Зуҳро Файзуллаева эса 7,57 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Олтин медални Хитой вакили қўлга киритди.
F56/57 тоифасида аёллар ўртасида ядро улоқтириш баҳсларида Моҳигул Шаробиддинова 8,46 метр натижа билан кумуш медаль олди. F37 тоифасида эса Зоҳира Қазакова ядрони 9,25 метрга улоқтириб, учинчи ўринни эгаллади.
Яна бир кумуш медални Севинчбек Ҳусанов қўлга киритди. У эркаклар ўртасида узунликка сакраш бўйича T12 тоифасида 6,54 метр натижа кўрсатди.