Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — MyGov мобил иловасида халқаро курьерлик жўнатмаларини тасдиқлаш ва рад этиш хизмати пайдо бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Эндиликда фуқаролар ўз номига хориждан келган посилкалар ҳақидаги маълумотларни кўришлари мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун илованинг қидирув сатрига «халқаро» сўзини киритиш ва тегишли хизматни танлаш керак.
Очилган рўйхатда фойдаланувчи ўзига тегишли жўнатмаларни тасдиқлайди, ўзига тегишли бўлмаганларини эса рад этади. Шахсни тасдиқлаш MyID биометрик идентификация тизими орқали амалга оширилади.
Вазирлик бошқа шахсларга тегишли жўнатмаларни тасдиқлаш божхона билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.