Иқтисод

Ўзбекистон 2026 йил охиригача ICC миллий қўмитасини тузмоқчи

Ўзбекистон 2026 йил охиригача ICC миллий қўмитасини тузмоқчи
Ўзбекистон 2026 йил охиригача ICC миллий қўмитасини тузмоқчи / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2026 йил охирига қадар Халқаро савдо палатасининг (ICC) миллий қўмитасини ташкил этиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этади.

Бу борадаги келишув Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва ICCнинг тармоқни ривожлантириш бўйича бош котиб ўринбосари Жулиан Кассум ўртасида 21 октябрь куни Парижда бўлиб ўтган учрашувдага эришилди.

ICC раҳбарияти Ўзбекистоннинг ташкилотга расман қўшилиши учун зарур шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидлаб, ушбу жараённи тезлаштиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Учрашувда ICCнинг миллий қўмиталар ва Жаҳон палаталар федерацияси (WCF) фаолияти учун масъул раҳбарлари ҳам иштирок этди. Музокаралар сентябрь ойида Валенсияда бўлиб ўтган Eurochambres конгрессида эришилган келишувларнинг давоми бўлди.

ICC миллий қўмитасини ташкил этишдан ташқари, томонлар Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ICCга бевосита аъзо бўлиши ва WCF фаолиятида иштирок этиши масалаларини муҳокама қилди.

Халқаро савдо механизмларини такомиллаштириш доирасида ATA карнетлари тизимини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг келиб чиқиш сертификатларини рақамлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ICC One Click ва Chamber Benchmarking воситаларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар ICCнинг 30 ноябрь — 1 декабрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро бизнес-форумда иштирок этиши, шунингдек, келгусида Ўзбекистонда WCF тадбирларини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.

Кутилишича, ушбу ташаббуслар тадбиркорлар учун халқаро савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, маъмурий жараёнларни такомиллаштириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва миллий компанияларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Учрашув якунида томонлар келишилган йўналишларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришни бошлаш ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.