Ўзбекистон

ЖССТ раҳбари Самарқандда Зироат Мирзиёевага халқаро мукофот топширди

ЖССТ раҳбари Самарқандда Зироат Мирзиёевага халқаро мукофот топширди
ЖССТ раҳбари Самарқандда Зироат Мирзиёевага халқаро мукофот топширди / Фото: Telegram/ZiroatMirziyoyevaFirst_lady.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёевага глобал соғлиқни сақлаш соҳасига қўшган ҳиссаси учун халқаро мукофотни топширди.

Мукофот онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини халқаро миқёсда илгари сургани учун берилди.

Мукофотни топшириш маросими «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланиши сари йўл» халқаро саммити ҳамда болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида бўлиб ўтди.

«Ҳурматли биринчи хоним! Сиз бутун дунёдаги болалар манфаатларининг, айниқса, онкологик касалликларга қарши курашаётган болалар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисисиз. Сиз ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини ҳимоя қиласиз», — деди Тедрос Аданом Гебрейесус.

Мукофот 2019 йилда таъсис этилган. У аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги юксак етакчилик ва аниқ натижалар берган муҳим ютуқлар учун топширилади.

Аввалги йилларда ушбу мукофот давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари, таниқли олимлар ҳамда жамоат арбобларига берилган. Улар глобал эмлаш дастурларини ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.