Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида келаси йили қуввати 300 МВт бўлган қуёш электр станцияси ва қуввати 75 МВт бўлган энергия сақлаш тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Қиймати 250 миллион доллар бўлган лойиҳа Masdar компанияси томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида Нишон ва Кўкдала туманларида иккита йирик подстанция қурилиши учун ҳам 70 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган. Уларни келаси йили фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Толимаржон — Сўғдиёна йўналиши бўйлаб узунлиги 245 километр бўлган электр узатиш тармоғини қуриш учун 150 миллион доллар ажратилган. Масъулларга лойиҳани келаси йили якунлаш топширилди.
Қарши туманида Хитойлик ҳамкор билан биргаликда амалга оширилаётган, қуввати 45 МВт бўлган чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси якунига етказилмоқда.
Вилоят саноатида ҳокимият йирик корхоналар атрофида кооперация занжирларини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Йил охирига қадар Ғузор, Шўртан, Муборак, Деҳқонобод ва Нишон ҳудудларида олтита саноат кластерини ташкил этиш топширилди.
Шунингдек, Шўртан, Муборак, Яккабоғ ва Косонда «Қашқадарё» эркин иқтисодий зонасининг филиалларини очиш режалаштирилган. Инфратузилмани ривожлантириш учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Хитойнинг FM World корхонасида йиғилаётган замонавий тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш, шунингдек, корхона негизида агродронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.