7
Иқтисод

«Сирдарё-2» электр станцияси қишда иш бошлайди

«Сирдарё-2» электр станцияси қишда иш бошлайди
«Сирдарё-2» электр станцияси қишда иш бошлайди / Фото: Ўзбекистон Президенти Администрацияси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қуввати 1600 МВт бўлган «Сирдарё-2» буғ-газ электр станцияси келаётган қиш мавсумида Ўзбекистон энергетика тизимини мустаҳкамлашга хизмат қила бошлайди.

Бу ҳақда Франциянинг EDF энергетика компанияси Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича ижрочи вице-президенти Седрик Лебуш 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёқилғи-энергетика соҳаси инвесторлари билан учрашувида маълум қилди.

«Ҳозирда қуввати 1600 МВт бўлган “Сирдарё-2” буғ-газ электр станцияси қурилишини якунлаяпмиз. Жорий қиш мавсумининг ўзидаёқ ушбу станция мамлакат энергетика тизимини мустаҳкамлашга хизмат қила бошлайди», — деди Лебуш «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетига берган интервьюсида.

У, шунингдек, Сурхондарё вилоятида қуввати 1600 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси қурилишида ишлар ҳажмининг 75 фоизи бажарилганини маълум қилди. Лойиҳа Германиянинг Siemens ва Қатарнинг Nebras компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўлади. Лебушнинг сўзларига кўра, EDF компанияси Eolus билан Бухоро ҳудудида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш бўйича баённома имзолаган. Лойиҳа энергияни тўплаш тизимини яратишни ҳам назарда тутади.

Франция компанияси давлат-хусусий шериклик асосида Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилишдан ҳам манфаатдор. Лебуш EDF электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш соҳасида тажрибага эга эканини ҳамда ушбу тажрибани республикада қўллашга тайёрлигини таъкидлади. Компания энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

«Сирдарё-2» электр станцияси Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида жойлашган. Лойиҳани EDF, Қатарнинг Nebras Power ва Япониянинг Sojitz ҳамда Kyuden компанияларидан иборат консорциум амалга оширмоқда. Мазкур консорциум 2021 йил ноябрь ойида халқаро тендер ғолиби бўлган. Аввал эълон қилинган маълумотларга кўра, станциянинг қуввати 1573 МВтни, лойиҳа қиймати эса 900 миллион долларни ташкил этади.

Электр станциясининг ҳисоб-китобларга асосланган йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 13 миллиард кВт·соатни ташкил қилади. Фойдали иш коэффициенти 61,7 фоиз бўлгани туфайли станция ҳар йили тахминан 1,1 миллиард куб метр табиий газни тежаши кутилмоқда. Объектни ишга тушириш маросими 2026 йил 25 августда бўлиб ўтган.

Бироқ 25 сентябрь куни синов тариқасида ишга тушириш ва созлаш ишлари давомида 1600 МВт қувватнинг авариявий ўчиши содир бўлган.

Аварияга қарши автоматик ҳимоя тизимининг ишга тушиши бир қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган. Электр энергияси етказиб беришни тиклаш учун бошқа станцияларнинг захира қувватлари ва энергияни тўплаш тизимларидан фойдаланилган.

Сурхондарё вилоятидаги электр станцияси лойиҳаси билан боғлиқ айрим масалалар ҳам юзага келган. 27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев станция қурилиши учун танланган жойни танқид қилган.

Унинг сўзларига кўра, объект нотўғри жойлаштирилгани сабабли унга газ етказиб бериш учун қўшимча равишда 300 миллион доллар йўналтириш талаб этилади.

Президент, шунингдек, лойиҳа ташаббускори билан шартнома шартлари етарлича пухта ишлаб чиқилмаганини таъкидлаб, шартномани қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.