7
Иқтисод

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қишда электр узилишларини кутмаяпти

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қишда электр узилишларини кутмаяпти
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қишда электр узилишларини кутмаяпти / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Энергетика вазирлиги куз-қиш мавсумида режали таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган вақтинчалик узилишлардан ташқари, электр энергияси таъминотида узилишлар бўлишини прогноз қилмаяпти. Бу ҳақда вазирлик вакили 14 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари эскирган ускуналарни янгилаш ва электр тармоқлари инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган.

Ишларни хавфсиз бажариш учун айрим юқори кучланишли электр узатиш линиялари вақтинча ўчирилади. Бу эса истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатилишига олиб келади. Қайд этилишича, аҳолига бўлажак чекловлар ҳақида олдиндан хабар берилади.

Энергетика вазирлиги вакили энергетика тизими қиш мавсумига тайёр эканига ишонч билдирди. Унинг маълум қилишича, таъмирлаш ишлари давридаги узилишлардан ташқари, режадан ташқари электр таъминотида узилишлар кутилмаяпти.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда фуқароларнинг электр таъминоти масалалари бўйича мурожаатлари сони сезиларли даражада камайган.

Умуман, Энергетика вазирлигига 108,3 мингта шикоят ва мурожаат келиб тушган. Бу бир йил олдинги кўрсаткичдан тахминан учдан бир қисмга кам. Шу билан бирга, биринчи марта газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар улуши электр энергияси бўйича шикоятлар улушидан ошган: мос равишда 45 фоиз ва 41 фоиз.

Электр энергияси масалалари бўйича мурожаатлар сони 40 фоизга қисқариб, қарийб 44 мингтани ташкил этган.

Энг кўп мурожаатлар электр узатиш линиялари таянчлари ва трансформаторларни қуриш ҳамда таъмирлаш масалаларига тааллуқли бўлган. Бу борада 17,4 мингта мурожаат келиб тушган, бу аввалги кўрсаткичдан 35,8 фоизга кам.

Бевосита электр таъминотидаги узилишлар бўйича шикоятлар сони эса қарийб икки бараварга — 49,7 фоизга камайиб, 14 мингтани ташкил этган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.