7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни соддалаштиради

Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни соддалаштиради
Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни соддалаштиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратишни режалаштирмоқда.

Икки томонлама инвестиция компанияси фаолиятига киритиладиган ўзгартишлар корхоналарни молиялаштиришни соддалаштириш, шунингдек, ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча имкониятлар яратишни назарда тутади.

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги битимга киритиладиган ўзгартишлар 1 октябрь куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси томонидан маъқулланди. Ҳужжат хорижий валютадан фойдаланиш, технологик ускуналарни олиб кириш ва тадбиркорларга молиялаштириш тақдим этиш қоидаларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Янги механизмлар ишлаб чиқариш корхоналарини жиҳозлашда бизнес харажатларини камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Бунда лизинг воситаларидан ҳам фойдаланилади. Ушбу механизм орқали корхоналар ускуналар қийматини дастлабки босқичда тўлиқ тўламасдан туриб, зарур жиҳозларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, технологик ускуналар импорти учун янада қулай солиқ ва божхона шартлари назарда тутилган.

Еттита лойиҳа ва 720 дан ортиқ иш ўрни

2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компанияси умумий қиймати 20,9 млн доллар бўлган еттита лойиҳани маъқуллаган. Ушбу маблағнинг 8,9 млн доллари ташаббусларни амалга ошириш учун аллақачон йўналтирилган.

Лойиҳалар иқтисодиётнинг бир нечта йўналишларини ривожлантиришни қамраб олади. Улар орасида саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тиббий хизматлар кўрсатиш бор.

Лойиҳалар якунлангач, 720 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Компания капитали 50 млн доллардан ошди

Икки томонлама инвестиция компанияси 2021 йилда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қўшма ташаббусларни молиялаштириш ва ишлаб чиқариш секторини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Компаниянинг дастлабки капитали 12 млн долларни ташкил этган.

Маблағларнинг асосий қисми — 75 фоизи Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган. Қолган 25 фоизини Тожикистоннинг «Таджинвест» давлат корхонаси киритган.

2026 йил июль ойида Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода компания капитали 50 млн доллардан ошганини маълум қилган.

Компания нафақат лойиҳаларни молиялаштириши, балки фаолият юритаётган ёки янгидан ташкил этилаётган корхоналар устав капиталидаги улушларни ҳам сотиб олиши мумкин. Шунингдек, халқаро молия ташкилотларидан маблағ жалб қилиш имкониятига эга.

Компания фаолияти шартларини ўзгартириш бўйича келишувлар 2026 йил 26 март куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган протокол билан расмийлаштирилган. Ўзбекистон 9 сентябрь куни зарур ички давлат тартиб-таомилларини якунлаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.