Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Ўзбекистон Рақобат қўмитаси «Навоий сув таъминоти» АЖ буюртмаси асосида ташкил этилган, бошланғич қиймати 15,5 млрд сўмни ташкил этган тендер савдоларини ўтказишда қонунчилик талаблари бузилганини аниқлади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Текширув тадбиркорлик субъектларидан бирининг мурожаати асосида ўтказилди. Тендер савдоларини ўрганиш жараёнида Қўмита мутахассислари «Навоий сув таъминоти» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги қонуни талабларига риоя этилмаган ҳолатларни аниқлади.
Аниқланган қонунбузилишлар бўйича Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси «Навоий сув таъминоти» АЖга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик факти юзасидан иш қўзғатди.
Иш белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида компанияга молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, Қўмита «Навоий сув таъминоти» АЖга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берди.
Компания аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиши, шунингдек, келгусида шунга ўхшаш ҳолатларга йўл қўймаслиги лозим.
Рақобат қўмитаси хабарида тайинланган молиявий жарима миқдори ҳамда қонунчиликнинг айнан қайси нормалари бузилгани аниқлаштирилмаган.